Юртдошларимизни уй шароитида жисмоний тарбия ва спорт билан фаол шуғулланишга жалб этиш мақсадида ташкил этилган #uydaqol! #hayotgaqoʻshil! #sportchallenge челленжида навбатдаги босқич якунланди.
Танловга 18-22 апрель оралиғида ҳам кўплаб видеороликлар келиб тушди. Эътиборлиси, челленжга юборилаётган видеолар борган сари сифат жиҳатидан ўсиб бормоқда. Асли мақсадимиз ҳам шу эди.

 



Қувонарлиси, танловга келаётган видеоларга ёндашувда тобора креативлик кўзга ташланмоқда. Бу сафар ҳам шундай бўлди.

Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра бу сафар танлов ғолиблиги Фарғона вилояти, Фарғона тумани, “Миндонобод“ маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳайдаровлар оиласи томонидан юборилган видеога насиб этди.

2-ўринга Тошкент шаҳар Олмазор тумани 2-сонли БЎСМнинг Турон жанг санъати тўгараги аъзолари томонидан тайёрланган ўзига хос видеоролик лойиқ кўрилди.

3-ўринга бу сафар ҳам иккита оила вакиллари сазовор бўлди. Фарғона шаҳар, Ермозор маҳалла “Шаршара“ кўчасида яшовчи Абдулазиз Тохиров иштирокида олинган видео ҳамда челленжда фаол қатнашиб келаётган Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида умргузаронлик қилиб келаётган меҳнат фахрийси Маъсума Михриддиновалар ғолиблар рўйхатини якунлаб берди.

Азиз юртдошлар, #uydaqol! #hayotgaqoʻshil! #sportchallenge челленжи ҳамон давом этмоқда. Шундай экан, имкониятни қўлдан бой берманг ва уй шароитида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиб, уни видеога олган ҳолда челленжга юборинг, балки кейинги ғолиб сиз бўларсиз.
 

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати