Айни кунларда талабалар карантин туфайли эълон қилинган таътилдалар. Уларнинг масофадан туриб билим олишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида вазирлик томонидан барча ресурслар ишга солинмоқда, 2020 йил 1 апрелдан ОТМларда масофавий таълим бошланган.
Коронавирус пандемияси шароитида талабалар вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ОТМлардан турли интеллектуал ва ижодий танловлар ҳам ўтказилмоқдаки, бу талабаларга таътилда зерикмаслик ва ўз қобилиятларини намоён қилиш имконини бермоқда.
Жумладан, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида талабалар ўртасида учта танлов эълон қилинди:
- 1-танлов - "Коронавирус пандемияси натижасида вужудга келадиган глобал инқироз ҳолатларининг республика иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш” мавзусидаги мақолалар танлови;
- 2-танлов - «БИРМИЗ: уйда қолиб коронавирусни енгамиз» рукнидаги материаллар (фото, видео ва ғоялар танлови);
- 3-танлов - Талабаларнинг энг яхши инновацион тадбиркорлик лойиҳалари.
Танловга материаллар 2020 йил 20 апрелгача қабул қилинади (А.Амонов, @tdiuadmin, 909090683).
Танлов натижалари 2020 йил апрел ойи сўнггида университетнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Ҳар бир йўналиш бўйича 15 нафардан ғолиблар саралаб олинади ва моддий рағбатлантирилади.
Ўзбекистон Миллий университетида ҳам талабалар ўртасида ижодий танлов эълон қилинди.
Танлов шартига кўра ЎзМУ талабалари уйларидан туриб ижодий ишлари, ёки ўзлари ёқтирган шеър, монолог, қўшиқ, рақс ва бошқа материалларни ижтимоий тармоқларга жойлайди.
Энг кўп овоз тўплаган 25 нафар талаба аниқланади ва тақдирланади.
Ижодий ишлар ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларининг бирида ихтиёрий равишда тақдим этилиши мумкин.
Танловга ишлар жорий йилнинг 20 апрелига қадар @ravshan7277 телеграм манзилида қабул қилинади.