Журналистика соҳасида "Олтин қалам” Х Миллий мукофоти учун халқаро танловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси И.Ҳалимбеков, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Т.Норбоева, маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари Д.Муллажонов, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори А.Абдуллаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори А.Тўраев, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари К.Пиккат ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар демократик ислоҳотларнинг муҳим қисмини ташкил этаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Миллий телерадиокомпания, "Узрепорт” ахборот агентлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳамкорлигида ўтказилаётган ушбу танлов телевидение, радио, матбуот ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича энг фаол ижодкорларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Унда ўн учта – битта бош миллий мукофот, ҳар бир йўналиш бўйича учтадан мукофот таъсис этилган.

Бу йилги танловнинг ўзига хос жиҳати – асосий мукофотлар қаторига "Энг яхши матбуот хизмати” ва "Энг яхши фоторепортаж учун” рағбатлантирувчи номинациялари ҳам қўшилди.

"Олтин қалам” танлови ғолибларини мукофотлаш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилади. Анъанага кўра, БМТ, ЮНЕСКО, ЕХЎТ, Жаҳон банки, "Минтақавий мулоқот” (Словения) каби бир қатор халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ўз мукофотлари билан қатнашади.

Танлов ғолиблари Жаҳон матбуоти эркинлиги куни арафасида эълон қилинади.