Мамлакатимиз Конституциясининг мазмун-моҳиятини ўқувчилар онгига сингдириш, ҳуқуқий саводхонлик ва маданиятини янада ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш мақсадида умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида «Конституция - эркинлигимиз кафолати” республика кўрик-танлови ташкил этилади.
Кўрик-танлов иншо (диктант, ижодий баён ва иншо) йўналишида 2-4-синф ўқувчилари ўртасида бир босқичда (фақат мактаб), 5-7-синф ўқувчилари ўртасида икки босқичда (мактаб ва туман, шаҳар), 8-11-синф ўқувчилари ўртасида тўрт босқичда (мактаб, туман, шаҳар ва республика) миқёсида бўлиб ўтади.
Биринчи — мактаб босқичи жорий йилнинг 30 октябрига қадар умумий ўрта таълим муассасаларида, иккинчи — туман, шаҳар босқичи 10 ноябрга қадар туман, шаҳар миқёсида, учинчи - ҳудудий босқич 25 ноябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар миқёсида, якуний — республика босқичи 6-7 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилади.
Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги республика таълим муассасалари ўқувчилари Тошкент шаҳри босқичида тўғридан-тўғри иштирок этади.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар бир иштирокчи бажарган ижодий иши жами 100 баллик тизимда баҳоланади. Баҳолаш жараёнида қуйидаги мезонларга эътибор берилади:
- Конституция яратилиш тарихининг ёритилганлиги — 5 баллгача;
- Конституция асосий мазмунининг ёритилганлиги — 15 баллгача;
- Конституцияда эълон қилинган умуминсоний қадриятларнинг ёритилганлиги — 15 баллгача;
- Конституцияда белгиланган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари, уларнинг ҳаётимиздаги аҳамияти ҳақида маълумотлар берилганлиги - 20 баллгача;
- Конституцияда белгиланган инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг аҳамияти ҳақида маълумот берилганлиги — 20 баллгача;
- фуқароларнинг Конституциявий бурчлари ёритилганлиги— 5 баллгача;
- имловий саводхонлик — 10 баллгача.
Умумий ўрта таълим муассасасида 2-4-синф ўқувчилари ўртасида ёздириладиган диктантлар ушбу синфлардаги она тили ва адабиёт фани дарсида ёзиладиган диктант мезонлари асосида баҳоланади.
Кўрик-танловнинг республика босқичи ғолибларининг энг сара ижодий ишлари алоҳида рукн остида Халқ таълими вазирлиги веб-сайтига жойлаштирилади.
l-, 2-, З-ўринлар, шунингдек бошқа иштирокчиларнинг фаоллигига қараб номинациялар таъсис этилади ҳамда Халқ таълими вазирлигининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.
Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати