”Юртбошимиз томонидан доимий равишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳалла институтининг фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш, унинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини янада кучайтириш, маҳаллалар ободлигини таъминлаш масалаларига кенг жамоатчилик эътиборини қаратишга урғу берилмоқда.

Маълумки, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Буни нафақат халқимиз, балки бутун дунё жамоатчилиги эътироф этмоқда.

Бу борада, айниқса, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш институти – маҳалла фаолиятининг ташкилий асослари такомиллашганлиги, унинг вазифалари кўлами кенгайиб, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ўзаро ижтимоий ҳамкорлик муносабатларини шаклланганлиги ўзига хос аҳамият касб этмоқда.

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 февралдаги            ПҚ-1920-сон Қарори билан тасдиқланган “Обод турмуш йили” Давлат дастурининг 70-банди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш тўғрисида”ги 2013 йил 21 февралдаги 51-сонли йиғилиш баёни билан тасдиқланган дастурнинг 40-банди ижросини таъминлаш мақсадида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Республика бошқаруви, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилиб, тасдиқланган  “2013-2014 йилларда мамлакатимиздаги барча фуқаролар йиғинлари ўртасида “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” танловини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қўшма қарорга асосан жорий йилнинг 6 сентябрь куни пойтахтимизнинг “Туркистон” саройида кўрик-танловнинг Республика босқичи ўтказилди. Унда Қароқолпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоят босқичида ғолиб бўлган 14 нафар намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ғолиблари 3 шарт бўйича беллашдилар. Ушбу шартларда энг намунали маҳаллани баҳолашда маҳаллла фаолларининг турли долзарб масалаларни тез, оқилона ва самарали ҳал этишига оид билим ва тажрибасига муҳим мезон сифатида ёндашилган, шунингдек, янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар мазмунидан хабардорлиги даражасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг чиқиши ва билим даражаси кўрик-танлов Низоми асосида ҳар бир шарт бўйича алоҳида баҳолаб борилди. Танлов якунлари ҳамда Ҳакамлар хайъати қарорига кўра йилнинг энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ғолиблари сифатида 1-ўрин Тошкент шаҳри Олмазор туманининг “Аҳил” маҳалла фуқаролар йиғинига, 2-ўрин Фарғона вилояти, Бешариқ туманининг “Нурсух” маҳалла фуқаролар йиғинига, 3-ўрин Андижон вилояти, Андижон шаҳридаги “Меҳнат” маҳалла фуқаролар йиғинига насиб этди.

Танлов якунида ғолибларга вазирлик томонидан ажратилган совғалар тантанали тарзда топширилди.