Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар ўртасида «Истиқлол ғунчалари» кўрик-танлови ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов навқирон авлоднинг истеъдодини камол топтириш, уларнинг беғубор орзуларига қанот бағишлаш, қобилиятли ўғил-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масаласига доимий эътибор қаратар эди.

«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида бу йўналишда кўплаб амалий чора-тадбирлар, лойиҳалар, ижодий кўрик-танловлар ўтказилмоқда. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, санъатга бўлган меҳрини тобора кучайтириш юзасидан кўплаб лойиҳалар ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда.
Соғлом она ва бола йилига бағишлаб ҳамда «Касаба уюшмалари – болаларга» акцияси доирасида мазкур жамоат ташкилоти томонидан ўтказилаётган «Истиқлол ғунчалари» кўрик-танлови бу борадаги амалий ишларнинг ёрқин намунасидир. Танловдан кўзланган асосий мақсад ёш авлодни санъатга жалб этиш орқали уларда Ватанга муҳаббат, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини янада ривожлантириш, маданият муассасаларидаги бадиий жамоалар таркибида ижод қилаётган ўқувчи-ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Лойиҳада корхона ва ташкилотлар тасарруфидаги маданият саройлари, жойлардаги маданият ва аҳоли дам олиш марказларида фаолият юритувчи болалар бадиий жамоалари иштирок этмоқда. 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар якка ва бадиий жамоа таркибида анъанавий ижрочилик, эстрада, чолғу ижрочилиги, рақс йўналишлари бўйича ўз маҳоратини намойиш этмоқда. Танловнинг туман босқичларида қарийб етти минг ўғил-қиз қамраб олиниб, уларнинг 1 минг 560 нафари вилоят босқичида қатнашиш имконини қўлга киритди.
Танловнинг якуний босқичи октябрь ойи охирида бўлиб ўтади.