Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ геология йўналишида амалга ошириладиган амалий ва инновацион лойиҳалар танловини эълон қилади. (24-тур)
Танловнинг асосий мақсади геология йўналишида тармоқдаги мавжуд муаммолар, реал эҳтиёжлар ҳамда ҳудудий муаммоларни ҳал этишга қаратилган илмий ҳажмдор маҳсулотлар ва инновацион технологияларни яратишдан иборат. Охирги муддат 2020 йилнинг 15 май.
Танлов мавзулари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 31 январда олимлар, ёш тадқиқотчилар, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари ҳамда ишлаб чиқариш тармоқлари корхоналари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида математика, кимё, биология ва геология соҳаларидаги мавжуд долзарб масалаларни ўрганиш асосида илмий-тадқиқот мавзуларининг банкини яратиш ва тадқиқотчилар учун эълон қилиш юзасидан белгилаб берилган устувор вазифалар доирасида шакллантирилган.
Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги 133-сон “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилади.
Лойиҳалар www.fan-portal.uz веб-саҳифаси орқали электрон рўйхатдан ўтказилиши шарт.
Коронавирус пандемияси сабабли республикамизда эълон қилинган карантин шароитида лойиҳалар www.fan-portal.uz веб-саҳифаси орқали фақат электрон шаклда қабул қилинади.
Бунда ижрочи ташкилотнинг йўлланма хати, илмий (илмий-техник) кенгаш қароридан кўчирма ва лойиҳа (имзо ва муҳр қўйилган ҳолда)нинг асл нусхаси сканердан ўтказилиб, pdf шаклида www.fan-portal.uz веб-саҳифасига юкланиши лозим.
Лойиҳа матни А4 форматдаги стандарт қоғоз варағининг икки томонида жойлашиши ва қоида тариқасида 1,15 қатор оралиғида ёзилиши лозим. Ҳар бир бет юқоридан ва пастдан 2 см; чапдан 3 см; ўнгдан 1,5 см ҳошияга эга; хатбоши 1,27 см га тенг ва бир хилда бўлиши лозим.
Матнни компьютер воситасида босиб чиқаришда «Тimеs Nеw Rоmаn» 12 ўлчамли шрифтда «Мiсrоsоft Wоrd» матн редакторидан фойдаланиш тавсия қилинади.
Бетлар титуль варағидан бошлаб охирги вараққача изчил кетма-кетликда рақамланади. Бетнинг тартиб рақами варақнинг пастки ўнг бурчагида 2 рақамидан бошлаб ёзилади. Титуль варағига 1 рақами қўйилмайди.
Лойиҳанинг ҳар бир талаб қилинган ҳужжати ва бошқа таркибий қисмлари янги бетдан расмийлаштирилади.
Лойиҳа раҳбари ва иштирокчиларининг мезонларда талаб қилинган илмий ишлар рўйхати (охирги 3 йил давомидаги нашрлар қуйидаги хронологик тартибда келтирилиб, изчил кетма-кетликда рақамланади: монография; патент; илмий мақола; илмий тўпламлар ва бошқа нашр ишлари) 3.4-шаклга қатъий риоя қилинган ҳолда расмийлаштирилади ва муаллиф, илмий котиб томонидан имзоланади ҳамда ташкилот муҳри билан тасдиқланади.
Лойиҳалар 2020 йилнинг 15 майига қадар шанба ва якшанба кунларидан ташқари ҳар куни соат 10:00 дан 18:00 гача қабул қилинади.
Тақдим этилган лойиҳалар танлов талабларига қатъий риоя қилинганлиги, лойиҳа материалларининг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги, кўчирмачиликка (плагиат) йўл қўйилмаганлиги, талаблар асосида шакллантирилганлиги бўйича дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорига мувофиқ, илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилган амалий ва инновацион тадқиқотлар натижалари улар якунланганидан сўнг тўлиқ тижоратлаштирилиши шарт.
Тақдим этиладиган лойиҳаларга тегишли вазирликлардан лойиҳа мавзуси, унинг бажарилиши ва ундан кутилаётган натижалар Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг тармоқ ва соҳаларини ривожлантириш учун зарурлиги таъкидланган ҳамда ташкилот илмий (илмий-техник) кенгашлари томонидан тавсия этилганлиги ҳақидаги қароридан кўчирма илова қилиниши лозим.
Лойиҳаларни қабул қилишда объективлик, ҳаққонийлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида экспертизани ўтказиш жараёни видеоёзув (видеокамера) имконини берувчи махсус хоналарда амалга оширилади.
Тақдим этилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилиги ҳамда танлов ғолиблари томонидан илмий-техник лойиҳаларнинг натижадорлиги, тижоратлаштириш даражаси, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган, кутилаётган натижаларни тўла ва ўз вақтида сифатли бажарилишига илмий лойиҳа раҳбарлари, илмий лойиҳани бажарувчи ташкилот раҳбарлари ва тегишли юқори турувчи ташкилотларнинг масъул ходимлари жавобгар ҳисобланадилар.
Дастлабки техник экспертизадан ўтмаган лойиҳалар танловнинг кейинги босқичига тавсия этилмайди.
Эслатма: Танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг натижалари тўғрисидаги маълумот www.mininnovation.uz веб-сайтида “Танловлар” рукнининг “Танлов натижалари интерактив” хизмати орқали очиқ ҳолда тақдим этиб борилади.
www.fan-portal.uz веб-портали орқали электрон рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ техник масалалар бўйича Инновацион ривожланиш вазирлигининг қўллаб-қувватлаш хизмати: (71) 203-32-23 (620, 621) – Ахборот технологияларини жорий этиш бўлими.