Диёрим тароналари
14 Май, 2010-й.
Бошқалар
Республика олий ўқув юртлари талабаларининг ашула ва рақс кўрик-танлови Халқ таълими тизимидаги олий ўқув юртлари Қорақалпоғистон Республикаси педагогика институти, Қўқон Давлат педагогика институти, Навоий Давлат педагогика институти, Ангрен Давлат педагогика институти ҳамда Жиззах Давлат педагогика институтида таҳсил олаётган талабалар ўртасида бўлиб ўтади.
Кўрик-танловни ўтказишдан мақсад – олий ўқув юртлари талабаларининг ижодкорлик қобилиятини ошириш, маънавий дунёсини бойитиш, ҳаваскорлик санъатига бўлган қизиқишларини шакллантириш, миллий куй-қўшиқларимизга бўлган эътиборни кучайтириш, ноёб истеъдод эгаларини излаб топиш ва тарғиб қилишдан иборат. Танлов ўтказишнинг биринчи босқич Вилоятлардаги олий ўқув юртларида бўлиб ўтади. Унда гуруҳлар ва факультетлар ўзаро беллашадилар. Факультетлар орасидан ғолиб чиққан жамоа Республика босқичига йўлланма олади. Биринчи босқич 2010 йилнинг апрел ойида ўтказилади.
Танлов шартлари
Кўрик-танловнинг барча босқичларида қатнашадиган бадиий жамоалар дастури қуйидаги жанрлар асосида тузилган бўлиши шарт.
1. Классик қўшиқ (якка ижрода) – 1 та.
2. Якка рақс (созандалар жўрлигида) - 1 та.
3. Замонавий қўшиқ (якка ижрода) - 1 та.
4. Оммавий ашула ва рақс - 1та.
Ушбу шартлардан ташқари тайёрлаб келинган дастурлар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланмайди.
Ушбу кўрик-танлов шартлари бўйича репертуар танлашда ўзбек халқ қўшиқ ва рақсларидан фойдаланилади. Миллий куй-қўшиқлар жонли ижро асосида куйланади. Танлов талабалар орасидан ҳақиқий талантларни излаб топиш мақсадида ўтказилаётганлиги сабабли, минусовка ва фонограммадан фойдаланиш қатъиян ман этилади.
Ҳар бир қатнашувчи бадиий жамоа дастури ижроси учун 30 дақиқа вақт берилади. Жамоа иштирокчиларининг умумий сони 15 кишидан ошмаслиги лозим. Оммавий рақсда раққосалар 4 киши бўлиши талаб этилади. Иштирокчиларнинг барчаси талабалардан бўлиши шарт. Устоз-ўқитувчиларнинг ижросига рухсат берилмайди.
Бадиий жамоалар таркиби қуйидагича тузилган бўлиши керак: Созандалар жамоаси таркибига ўзбек халқ миллий асбобларидан рубоб, доира, най, ғижжак, чанг, дутор киритилиб, жами 6 киши, Раққосалар гуруҳи 4 киши, ашулачилар гуруҳи 4 киши ва битта раҳбар.
Кўрик-танловнинг биринчи босқичида Республика ўқувчи-ёшлар Марказининг ходими кузатувчи сифатида қатнашади ва олийгоҳдан ғолиб чиққан жамоа ҳақидаги тўлиқ маълумотни ҳамда ҳакамлар ҳайъати қарорини олиб келади.
Дастурни баҳолаш мезонлари
Ҳакамлар ҳайъати ашула ва рақс талабалар жамоаларининг чиқишини баҳолашда қуйидаги талаблардан келиб чиқадилар.
1.Тақдим этилган дастурнинг мазмунига, бадиий савиясига ва таъсирчанлигига;
2. Ижро маҳорати ва мусиқанинг миллийлигига;
3. Созандаларнинг маҳорати ва жўрлигига;
4. Ижрочиларнинг саҳнада ўзини тутиш санъатига;
5. Раққосаларнинг маҳорати ва саҳна кийимларига.
Барча берилган шартлар 10 баллик системада баҳоланади. Энг юқори балл тўплаган иштирокчи ғолиб деб топилади.
4066