Рус тилини хорижий тил сифатида ўзлаштириш даражасини текширувчи халқаро олимпиадада 25 та давлатдан қатнашган 100 нафардан ортиқ талабалар орасида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари ғолибликни қўлга киритди. 

Олимпиада онлайн тарзда икки босқичда ўтказилиб, унда талабаларнинг рус тилида тинглаб тушуниш, сўзлаш ва мантиқий изчиликда бехато ёзиш кўникмалари синовдан ўтказилди. 

Тенг курашлар остида ўтган билимлар беллашувида иккала гуруҳда ҳам мутлақ ғолибликни Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари Нилуфар Усмонова  ва Толиб Мамарасуловлар қўлга киритишди. 

Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистондан кейинги ўринларни Сурия, Тожикистон, Афғонистон, Замбия, Вьетнам ва Миср вакиллари қўлга киритишди. 

Танлов ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ҳам онлайн режимида ўтказилди. Барча совриндорлар номи маълум қилиниб, уларга ғолиблик сертификатлари ва эсдалик совғалари топширилди. 

Эслатиб ўтамиз, мазкур олимпиада ғолибларига Россия ОТМларида ижтимоий соҳа бўйича магистратурага кириш имконияти берилади, қолаверса, уларни Тюмень давлат университети ёзги мактабига таклиф этишади.