WebCamp Tashkent 2010 – номини олган конференция икки кун давомида пойтахтимизда бўлиб ўтди. WebCamp – бу халқаро конференциялар тизими бўлиб, у ахборот технологиялари соҳасидаги ёш дастурчилар томонидан ишлаб чиқилади.

Ахборот технологиялари соҳасида фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик ёш мутахассислар ва «Келажак овози» танловининг «Ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлар ва техник ишланмалар» йўналиши ғолиблари ташаббуси билан ўтказилган тадбир Фонд Форум ва «Келажак овози» Ёшлар ташаббуслари маркази томонидан қўллаб-қувватланди.  Лойиҳанинг муҳим мавзулари қаторида: медиа ва ижтимоий соҳаларда тадбиқ этиладиган янгиликлар, ҳозирда мавжуд блогларни янада мукаммаллаштириш, Веб 2.0, open-source ва яна бошқаларни санаш мумкин. Мазкур конференцияда нафақат Тошкент ахборот технологиялари ва Тошкент давлат техника университети талабалари, балки профессионал ходимлар - веб-студиялар вакиллари, блоггерлар, маркетинг ҳамда реклама агентликлари, матбуот ходимлари ва Интернет-нашрлари мухаррилари ҳам иштирок этишди. WebCamp Tashkent 2010 анжумани ахборот технологиялари соҳасидаги янгиликларга бағишланиб, Интернет тизимида ўзбек секторини ривожлантириш, маҳаллий интернет-заҳираларни янада оммалаштириш, ўзаро тажриба алмашиш ва IT соҳасидаги ёш мутахассисларнинг малакасини ошириш каби мақсадларда ташкил этилди. Икки кун мобайнида тадбир қатнашчилари турли мавзулардаги семинарлар, давра суҳбатлари, маҳорат дарсларида фаол иштирок этишди. Шунингдек, ўз лойиҳаси ҳақида соҳа мутахассислари ва таниқли экспертлар фикрини билишни истаган ёш мутахассислар учун блиц – докладлар ўтказиш имконияти яратилди. – WebCamp конференциянинг асосий мақсади – бу ёшларимиз билимларини янада кенгайтириш, уларнинг малакасини ошириш, Интернет билан ишловчи янги мутахассисларни таёрлаш, Ўзбекистондаги Интернет тармоғида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва албатта шу соҳа бўйича ҳорижлик мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этиш ҳисобланади, – дейди «Келажак овози» Ёшлар ташаббуслари марказининг Ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлар ва техник ишланмалар бўйича координатори Абдухаким Абдураимов. – Биз ёшларимизни Интернетдан фойдаланишларида яқиндан кўмаклашишни режалатирмоқдамиз, шунингдек, ўзбек Интернет тармоғида ёшларбоп сайтлар сифатини ошириш ниятидамиз.

Бундан ташқари, «Баркамол авлод» йили Давлат дастури доирасида ҳар бир вилоятда ўз бўлимларига эга бўлган ахборот марказлари очишни режалаштирилмоқдамиз. Буларнинг барчаси, ёшларга ўз лойиҳаларини янада такомиллаштириш ва ҳаётга тадбиқ этишда кўмак беради. Manba:www.kelajakovozi.uz Gulhayo Qobilova