Ватанга муҳаббат ҳисси бебаҳо ва қадрдон туйғу, инсониятнинг қон-қонига сингиб кетган илоҳий неъмат. Шу боис ҳам Ватанни ҳимоя қилиш, унинг тинчлигини асраб авайлаш, сарҳадларимиз дахлсизлигини мустаҳкамлашда ўз ҳиссасини қўшаётган она юрт посбонларининг хизматлари ҳамиша эътироф этилади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги  томонидан 2019 йил 11 январь куни вазирликнинг катта мажлислар залида Мудофаа вазирлиги тизимида кўп йиллик хизмат қилаётган, улкан ютуқларга эришган ҳарбий хизматчилар иштирокида таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талаба-ўқувчилари учун “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” мавзусида видео-конференция ўтказилди.

Мазкур видео-конференцияда олий таълим муассасаси Ёшлар билан ишлаш бўйича проректорлари, Маънавият ва маърифат бўлим бошлиқлари, ёшлар иттифоқи БТ етакчилари, Академик лицейи Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, профессор-ўқитувчилари ва талаба-  ўқувчилари иштирок этишди.

 Видео-конференциядан кўзланган асосий мақсад ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир ишлар самарадорлигини ошириш ва фаоллаштириш, бу борадаги таълим-тарбиявий ишларга мамлакатимиз фуқароларини, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини янада фаол жалб этиш ва ёшлар онгига ватанпарварлик, мардлик туйғуларини сингдиришдан иборатдир. 

Видео-конференцияда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа  вазирлигидан, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясидан, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртидан ва Тошкент ахборот технологиялари университетидан ташриф буюрган етук мутахассислар сўзга чиқиб, “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепцияси тўғрисида”, “Мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлашда Қуролли Кучларнинг ўрни”, “Ёшларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш “Ватанпарвар” ташкилотининг таълим муассасалари билан ҳамкорлиги тўғрисида”ги маърузалари билан иштирок этишди.

Видео-конференция баҳс-мунозара ва савол-жавобларга бой бўлиб, мазкур мавзудаги тадбирларни барча таълим муассасаларида ҳам ўтказишга келишиб олинди.