Касаллик қандай юқади?
Маълумки, коронавирус инфекцияси ҳаво-томчи ва мулоқот (контакт) йўллари орқали юқади
Вирус ҳавода айланиб юрмайди, балки одамдан одамга юқади.
Вируснинг узоқ масофадан юқиш эҳтимоли жуда паст. Вирус одам йўталганда ёки аксирганда юзага келадиган томчиларда бўлади. Масофа - хавфсизлик гарови бўлиб, эпидемик занжирни узиш омилидир. Шунинг учун, агар Сиз йўталган ёки аксирган бемордан 2 м дан ошиқ масофада бўлсангиз, инфекция Сизга юқмайди.
Контакт - коронавирусни юқтиришнинг асосий йўли ҳисобланади
Аксарият ҳолларда, вирус касалланган одамнинг нафас йўлларидан чиққан ажратмалар теккан предметлар (рўмолча, қўлқоп, телефон, эшик ва зинапоя тутқичлари, ҳайвонлар, гўшт, балиқ)ни ушлашдан сўнг кўз, бурун шиллиқ пардалари ва қўлларга юқади.
Ҳайвонлардан юқиши мумкинми?
Уй ҳайвонлари, масалан, ит ёки мушук коронавирус инфекциясини ташувчиси бўлиши мумкинлиги ҳақида расмий далиллар йўқ. Бироқ, уй ҳайвонлари билан контактдан кейин қўлингизни совун билан ювишингизни маслаҳат берамиз. Бу Сизни уй ҳайвонларидан юқиши мумкин бўлган қатор касалликлардан ҳимоя қилади.
Вирус мевалар орқали юқадими?
Меваларда вирус узоқ вақт сақланиб туролмайди, мевалар орқали касалликнинг юқиши ҳақида далиллар йўқ. Сизга эслатиб ўтамизки, меваларни яхшилаб ювиб, истеъмол қилиш ҳар доимги одат бўлиши керак.
Очиқ муҳитда вирус қанча яшайди? Қандай қилиб вирусни зарарсизлантириш мумкин?
Вирус 3 соатдан бир неча кунгача ташқи муҳитда, муайян муддатлар ва бир қатор шароитларга боғлиқ ҳолда тирик туриши мумкин. Масалан, ташқи муҳитнинг тури, ҳарорати ва намлиги. Шунинг учун буюмлар сиртларини, эшик тутқичларини, техник асбобларни, юз соҳаси билан контактда бўлганлиги учун мобил телефонларни ва шунга ўхшаш нарсаларни дезинфекция қилиш муҳимдир.
Коронавируснинг инфекцияси туфайли келиб чиққан касалликлар қайд этилган мамлакатлардан жўнатмаларни қабул қилиш хавфлими?
Юқиш эҳтимоли жуда паст. Жўнатма орқали коронавирус инфекцияси юқмайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан бошқа давлатлардан товарларни олиб ўтиш ва ташишда ҳеч қандай чекловлар тавсия этилмаган. ХХРга ва ХХРдан почта жўнатмалар одатдагидек амалга оширилмоқда.
Ташхис қандай қўйилади?
Тест-тизим
Дастлабки босқичда коронавирус инфекцияси бошқа ўткир респиратор инфекциялар каби белгиларга эга. Коронавирус инфекциясини фақат махсус тест-тизимлар ёрдамида аниқлаш мумкин.
Аломатлар
Тана ҳароратининг кўтарилиши, қуруқ йўтал, нафас сиқилиши, ҳансираш ва касаллик қайд этилган давлатдан келганлиги ёки ўша давлатдан келган одам билан контактда бўлганлиги.
Асоратлар
Одамларнинг 80 фоизида касаллик енгил кечади. Коронавируснинг янги штаммлари оғир шаклдаги пневмонияга олиб келиши мумкин. Шунинг учун унинг хавфлилик даражаси юқори.
Ташхис
Агар сиз коронавирус касаллиги аниқланган мамлакатдан қайтган бўлсангиз ёки касалланган одам билан мулоқот қилган бўлсангиз, шифокорингизга бу ҳақида хабар беринг.
Коронавирус инфекциясини аниқлаш
тест-тизими ҳақида маълумот
COVID-19 инфекцияси мавжудлигини қандай аниқлаш мумкин?
Ташхис фақат ЖССТ тавсияларида қайд этилган касалликнинг эпидемиологик ва клиник таърифига жавоб берадиган ҳолатлардагина амалга оширилади. Тест Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги вирусология лабораторияларида ўтказилади. Мустақил фойдаланиш учун тест-тизимини сотиб олиш мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикаси қандай тест-тизимини сотиб олди?
Ўзбекистон коронавирус инфекциясини аниқлаш тест-тизимини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Россия Федерацияси ва Германиядан олган. Тест-тизимидаги реагентлар тўплами коронавирус инфекциясини замонавий лаборатория усулида ташхислаш имконини беради. Тўпламлар коронавирусни аниқлаш учун ишлаб чиқарилган. Келгусида ЖССТ томонидан қўшимча реактивлар олиш режалаштирилмоқда.
Коронавирус инфекциясини аниқлаш учун тест қанча вақт давом этади?
Коронавирус инфекциясини аниқлаш учун 5-6 соат керак бўлади.
Ҳудудларда коронавирус инфекциясини аниқлаш учун тест-тизими мавжудми?
Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва Вирусология ИТИ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик марказларининг вирусология лабораториялари коронавирус инфекциясини аниқлаш учун тест-тизими билан таъминланган.