Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрда мамлакатимиз парламентига қилган мурожаати муҳокамасига бағишланган видеосеминар ўтказилди.
2019 йил 5 январь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўтказилган видеосеминарда республика студиясида вазирлик раҳбарияти, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Бош прокуратура, Республика Маънавият ва маърифат маркази ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари, олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этди. Жойлардаги студиялардан эса ҳудудлардаги олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлари, масъул ходимлар ҳамда профессор-ўқитувчилар қатнашишди.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палаталарига мурожаатномасидан келиб чиқадиган хулосалар ва олий таълим муассасалари олдида турган долзарб вазифалар” мавзусида ўтказилган видеосеминарда Президент мурожаатномасида олий таълим тизимига оид белгилаб берилган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов Мурожаатномадаги олий таълим муассасаларида илмий салоҳиятни янада ошириш, илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш кўламини кенгайтириш масаласига тўхталар экан, вазирлик томонидан жорий йилда бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилишини қайд этди.
Видеосеминарда Мурожаатномада кўрсатиб ўтилган олий таълим тизимида таҳсил олиш учун тенг имконият яратишга қаратилган ишларни янада кучайтириш, олий ўқув юртлари нуфузини ошириш, нодавлат таълим масканлари сонини кўпайтириб, соҳага юқори малакали кадрларни жалб этиш ва рақобатни кучайтириш каби масалалар муҳокама қилиниб, соҳада бу борада олиб бориладиган ишларга тўхталиб ўтилди.
Йиғилишда халқимиз ва Президент ишончини оқлаш, олий таълим олишга бўлган эҳтиёжни таъминлаб бериш, жамиятдаги ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда сифатли олий таълим олиш тизимини янада ривожлантириш зарурлиги, бунда, аввало, тизимдаги барчанинг: профессор-ўқитувчидан тортиб масъул раҳбарларгача шахсий масъулиятини ошириш, сидқидилдан хизмат қилиш зарурлиги таъкидланди.
Семинар давомида билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир олий таълим муассасасида қишки таътил даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палаталарига мурожаатномаси бўйича олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари учун махсус семинарлар ташкил этилиши белгиланди.