Куни кеча Тошкент давлат шарқшунослик институтида Қароргоҳи Москва шаҳрида жойлашган Белгиянинг Ўзбекистондаги элчиси Режибо Жан-Артур бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Учрашувда жаноб Режибо Жан-Артур “Европа интеграцияси нима? Белгиядан назар” мавзусида маъруза ўқиди. Тадбирда институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этишди.
Жаноб Режибо Жан-Артур Европа Иттифоқини юзага келишининг тарихий асослари ва омиллари, Европа қитъасидаги интеграция жараёнларининг ўзига хос хусусиятлари, Европа Иттифоқининг интеграцион бирлашма сифатида жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳамда Европа Иттифоқи доирасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маъруза қилди.
Хусусан “Белгия ҳам Европа Иттифоқига асос солган мамлакатлардан бири бўлиб, Европа Иттифоқини ташкил этишдан кўзланган бош мақсадимиз минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашдан иборат эди. Биз бунга эришдик ва бу бизнинг катта ютуғимиздир. Европа Иттифоқи доирасида 4 та эркинлик – товарлар, хизматлар, капитал ва инсонларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш бизнинг интеграциямизнинг бош мазмунини ташкил этади” деб таъкидлади.
Шу билан бирга элчи жаноблари ўз нутқида Европа Иттифоқи олдида турган бир нечта муҳим масалалар ҳақида тўхталиб, миграция сиёсати ва ташқи миграция масалалари, евроскиптизм, иттифоқ доирасида аҳоли даромадлари ўртасидаги тафовутнинг сақланиб қолаётгани, Грециядаги иқтисодий муаммолар, бирлашманинг келажакдаги қиёфаси хусусидаги турли хил қарашлар мавжудлиги ҳақида ҳам гапириб ўтди.
Маъруза якунлангач талабалар элчи жанобларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Учрашув дўстона руҳда ва қизғин савол-жавоб тарзда бўлиб ўтди.