Тошкент темир йўл муҳандислари институтида қабул жараёни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июндаги “2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги ПҚ-3769-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.

2018/2019 ўқув йили учун Тошкент темир йўл муҳандислари институтига ўқишга қабул қилиш бўйича умумий квота:

бакалаврлар учун 1275 нафар, шу жумладан, давлат грантлари – 280, тўлов-контракт - 995;

магистрлар учун 105 нафар, шу жумладан, давлат грантлари - 13, тўлов-контракт - 92;

махсус сиртқи бўлимларда бакалаврлар учун тўлов-контракт асосида - 90.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2909-сон қарорига мовофиқ 2018/2019 ўқув йилида ТТЙМИда “Транспорт иншоотларининг эксплуатацияси (кўприклар ва тоннеллар)” таълим йўналиши ҳамда “Вагонсозлик” мутахассислиги бўйича янги йўналишлар очилмоқда.

Тошкент темир йўл муҳандислари институти махсус сиртқи бўлимининг таълим йўналишларига қабул фақат тегишли ёки турдош таълим йўналишига мувофиқ ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ҳамда камида уч йил амалий иш стажига эга бўлган, ишлаб турган соҳадан тавсиянома берилган кадрлар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги 417-сон Қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низом” қоидалари асосида, ТТЙМИга абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонига нисбатан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча икки фоизли давлат гранти квоталари таълим йўналишлари бўйича ажратилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3726-сонли Қарорига мувофиқ 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идораларнинг хизматдаги офицерлари, шартнома бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарлар таркиби фарзандлари учун давлат гранти асосида олий таълим муассасаларига умумий белгиланган қабул кўрсаткичлари квотасидан ташқари институтнинг умумий қабул сонидан бакалавриятга қабул қилишнинг беш фоизли квотаси ажратилади. Бу билан бир қаторда, 2018/2019 ўкув йилидан бошлаб Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг офицерлар, шартнома бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарлар таркибидаги, ҳарбий хизматни ўташда ҳалок бўлган, шунингдек, ҳарбий хизматни ўташда ярадор бўлган, контузия, шикаст олиш натижасида ногирон бўлиб қолган ёки касалликларга дучор бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари вазирликлар ёки идораларнинг тегишли тавсияномалари асосида белгиланган қабул квоталаридан ташқари давлат гранти асосида олий таълим муассасаларининг бакалавриятига (иккинчи ва ундан кейинги олий таълимдан ташқари) танловсиз қабул қилинадилар.

Институт қабул комиссияси академик лицей ҳудудида абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари билан бевосита мулоқот қилиш учун уларда юзага келган турли саволлар бўйича тушунтириш ва маслаҳатлар бериш мақсадида Ахборот-маслаҳат маркази ҳамда Call-центр ташкил этилган (107-ауд. Тел.: 299-05-56, 299-02-43, 299-02-74, 299-02-34, 299-04-99). Шунинигдек, тезкор маълумотлари билан институт расмий сайтига (www.tashiit.uz), telegram (@ttymi_abituriyent) ҳамда facebook (http://fb.me/qabul2018) ижтимоий тармоқларига мурожаат этишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2018/2019 ўқув йилига Тошкент темир йўл муҳандислари институтига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги аризалар 15 июндан 15 июлгача қабул қилинади.

Эндиликда тест синовлари ҳар йили 1 августдан 15 августга қадар, кунига икки сменада ўтказилади. Бунда биринчи смена соат 8:00да, иккинчи смена 15:00да бошланади.