Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар ўртасида “Йил талабаси” танловини (кейинги ўринларда Танлов деб аталади) ўтказиш тартибини белгилайди.
Мазкур Низомнинг амал қилиши хорижий олий таълим муассасаларининг филиалларига, шунингдек ҳарбий олий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Танловнинг мақсади жамиятга ва давлатимизга етук ёш ва рақобатбардош кадрларни тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва интелектуал салоҳиятини ошириш, олий ўқув юртларининг иқтидорли талабаларини аниқлаш ҳамда уларга ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этишга имкониятлар яратиш, талабаларда жамоатчилик қобилияти ва фидойилик фазилатларини шакллантириш, талабалик нуфузини ошириш ва рағбатлантиришдан иборат.
3. “Йил талабаси” танлови босқичма-босқич, ушбу Низомнинг
1-иловасига мувофиқ схема асосида ўтказилади ва қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:
а) Танловнинг олий таълим муассасаси босқичи (у ҳар бир олий таълим муассасасида ўтказилади);
б) Танловнинг республика босқичи.
4. Қуйидагилар Танлов ўтказишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
а) биринчи – олий таълим муассасаси босқичида ректор (директор) бошчилигида тегишли мутахассислардан ташкил топган Танлов комиссияси ташкил этилиб, улар томонидан:
ҳар бир олий таълим муассасасида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш асосида Танловга тавсия этилган талабаларнинг тақдимотини ташкил этиш;
Танлов иштирокчилари томонидан тақдим этилган фанларни ўзлаштириш натижалари, жамоатчилик ишлари ва эришилган ютуқлар акс этган ҳужжатларни, талабаларнинг илмий ва ижодий ишларини қабул қилиш ва ўрганиш асносида таҳлил этиш;
Танлов иштирокчиларининг дарслардаги иштироки, фаоллик даражаси, етакчилик қобилиятини кузатиш ва баҳолаш;
ғолибларни аниқлаш ва уларга танловнинг республика босқичида қатнашиши учун тавсияномалар бериш;
б) иккинчи, республика босқичида Ташкилий қўмита ва Танлов комиссияси томонидан:
олий таълим муассасалари томонидан тақдим этилган тавсия ҳужжатларини ва Танлов иштирокчиларининг тақдимот материалларини қабул қилиш, ўрганиш ва таҳлил этиш асосида республика босқичи иштирокчиларини аниқлаш;
саралаб олинган Танлов иштирокчилари томонидан тайёрланган материаллар тақдимотини ташкил этиш ва ўтказиш;
йўналишлар бўйича Танлов иштирокчиларини баҳолаш ва ғолибларини аниқлаш;
Танлов ғолибларининг моддий ва маънавий рағбатлантирилишини ташкил қилиш;
Танлов ўтиши ва натижаларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этиш.
5. Танлов қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:
а) “Йилнинг ўз мутахассислиги бўйича энг билимдон талабаси”, бунда талабанинг олий ўқув юртига киргандан бошлаб фанларни ўзлаштириш ва ўқув жараёнлардаги иштироки ва фаоллиги, чоп этилган мақола ва тезислари ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти, долзарблигига оид ишлар кўриб чиқилади;
б) “Йилнинг энг ташаббускор талабаси”, бунда талабанинг олий таълим муассасаси, Ёшлар иттифоқи ва бошқа жамоат ташкилотларидаги жамоатчилик иштироки, фаоллик даражаси, намунавий ишлари, ташкилотчилик қобилияти ва шу асосда ўзи ташкил этган тадбирлар мазмуни, эришган ютуқлари кўриб чиқилади;
в) “Йилнинг ихтирочи талабаси”, бунда талаба томонидан яратилган илмий ишлар, ихтиролар, инновацион ғоялари, рационализаторлик таклифлари, уларнинг янгилиги, долзарблиги ва илмий аҳамияти кўриб чиқилади;
г) “Йилнинг спортчи талабаси”, бунда талабанинг спорт соҳасидаги ютуқлари ва эришган натижалари кўриб чиқилади;
д) “Йилнинг ижодкор талабаси”, бунда талабанинг санъат, адабиёт, маданият ва бошқа соҳадаги ижодий ишлари ва эришган натижалари кўриб чиқилади.
Шунингдек, Танловнинг якуний босқичида Ташкилий қўмита томонидан махсус номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиши мумкин.
II. Танловнинг олий таълим муассасасидаги босқичини
ташкил этиш тартиби
6. Танловнинг олий таълим муассасасидаги босқичи ҳар йили 1-30 март мобайнида ўтказилади.
7. Танловнинг олий таълим муассасаси босқичи ўтказилганлиги тўғрисидаги йиғилиш баённомаси ректор томонидан шакллантирилган Танлов комиссияси аъзолари имзоси билан тасдиқланади ва ғолиб тўғрисидаги маълумотлар йиғмажилди 1 апрелдан бошлаб 10 иш куни мобайнида Республика ташкилий қўмитасига тақдим этилади.
8. Танлов комиссияси олий таълим муассасасининг маъмурий-бошқарув ходимлари, мутахассис-ўқитувчилар, ташқаридан жалб этилган тегишли мутахассислар, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат таркибда ташкил этилади.
9. Танлов комиссияси қуйидаги функцияларни бажаради:
танловнинг олий таълим муассасасидаги босқичи ахборот таъминотини ташкил қилади;
танлов иштирокчиларидан буюртманомалар ва материалларни қабул қилишни ташкил этади;
мазкур Низомнинг 22-бандига мувофиқ Танлов иштирокчиси тақдим этган ҳужжатларни ҳамда дарсларда ва жамоат ишларидаги иштироки сифатини баҳолайди;
Мазкур олий таълим муассасасида узилишларсиз (академ таътилсиз) ўқиб келаётган 2, 3 ва 4-босқич талабалари Танлов иштирокчиси бўлиши мумкин.
10. Танловнинг олий таълим муассасаси босқичида иштирок этиш истагини билдирган талабалар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар тўплами тегишли кафедра томонидан сараланади ва 1 мартдан бошлаб 5 иш куни мобайнида ҳужжатлар тўпламини (22-банди) қоғозда ва электрон шаклда Танлов комиссиясига кафедра мудири имзоси билан тавсия этилади.
11. Иштирокчига тегишли бўлган қуйидаги ҳужжатлар тўплами кафедра томонидан тайёрланади ва Танлов комиссиясига тақдим этилади:
- Танлов иштирокчисининг қобилияти, фанларни ўзлаштириш даражаси, етакчилик қобилияти, эришган ютуқлари, дарслардаги фаол иштироки, талабаларга ўрнак бўладиган томонлари ва жамоат ишларидаги фаолияти ҳақидаги маълумотлар баён этилган икки бетдан ошмайдиган ҳажмдаги тақдимнома;
- Танлов иштирокчисининг фанларни ўзлаштириш натижалари акс этган ҳужжатлар нусхалари (баҳоларни қайд этиш варақалари, талабанинг баҳоларни ўзлаштириш синов дафтарчаси);
- Танлов иштирокчисининг нашр этилган илмий, илмий-услубий, ижодий ишлари, уларга тегишли мутахассислардан олинган тақризлар билан бирга;
- турли тадбирлар, танловларда фахрий ёрлиқлар ва дипломлар билан тақдирланганлиги тўғрисидаги маълумотлар (нусхалари илова қилинади);
- грантларда иштирок этганлиги тўғрисидаги маълумот, унда грантнинг номи, молиялаштириш ҳажми, иштирокнинг шакли ва даражаси кўрсатилади;
- конференциялардаги иштироки ҳақидаги маълумотлар, уларда мақоми ва номи, ўтказилган жойи, шахсан иштирок этиш даражаси (маърузачи, ҳаммаърузачи, ташкилотчи) кўрсатилади;
Ҳужжатлар тўпламига киритилган материаллар ва ахборотларда Танлов иштирокчисининг олий таълим муассасасига киргандан сўнгги фаолиятига доир маълумотлар бўлиши лозим.
12. Танлов комиссияси, ҳужжатлар тўпламини ва дарсларда ва жамоат ишларида иштирок сифатини баҳолаш натижаларини ҳисобга олган ҳолда, мазкур Низомнинг 17-бандига мувофиқ ҳар йили 30 мартгача ҳар бир номинация бўйича ғолибларни (1, 2, 3-ўринларни) аниқлайди ва биринчи ўрин совриндорларини Танловнинг республика босқичида қатнашиш учун тавсия этади.
13. Ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган номинациялар бўйича 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган ғолиблар олий таълим муассасасининг фахрий ёрлиғи билан мукофотланади ҳамда тегишли равишда, энг кам ойлик иш ҳақининг етти баробари, олти баробари ҳамда беш баробари миқдоридаги пул маблағлари билан моддий рағбатлантирилади.
14. Моддий рағбатлантириш учун пул маблағлари олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи асосида олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ажратилади.
III.Танлов ташкилотчилари ва таъсисчилари
15. Танловнинг республика босқичи ҳар йили май-июнь ойларида ўтказилади.
Танловнинг республика босқичини ўтказиш ташкилий қўмитаси (кейинги ўринларда Ташкилий қўмита деб аталади) таркиби Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади. Ташкилий қўмита таркибига тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг, Ёшлар Иттифоқи, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг вакиллари киритилади.
16. Қуйидагилар Ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Танловни ўтказиш муддатларини белгилаш;
Танловни юқори ташкилий даражада ўтказиш;
Ҳар бир номинация бўйича алоҳида танлов комиссияси (экспертлар гуруҳи) таркибини шакллантириш;
Ҳар бир номинация бўйича баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш;
Танлов доирасида ўтказиладиган тадбирларни ёритиб бориш учун оммавий ахборот воситаларини жалб этиш.
17. Ташкилий қўмита, қоидага кўра, раис, раис ўринбосари, Ташкилий қўмита котиби ва аъзоларидан иборат таркибда шакллантирилади.
Ташкилий қўмита раиси, раиснинг ўринбосари ва котиби унинг аъзолари орасидан сайланади.
Ташкилий қўмита мажлиси кун тартибини белгилайди ва уни ўтказади;
Ташкилий қўмита қарорларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини назорат қилади;
Ташкилий қўмита аъзоларига юкланган вазифаларни бажариш бўйича ишларни мувофиқлаштиради.
19. Ташкилий қўмита аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Ташкилий қўмита мажлисларида кўриб чиқилаётган масалаларни муҳокама қилишда ва ҳал этишда қатнашиш;
кўриб чиқилаётган масалалар бўйича хулосалар тақдим этиш.
Ташкилий қўмита фаолиятида иштирок этиш жамоатчилик асосида амалга оширилади.
20. Ташкилий қўмита мажлисини раис, у бўлмаганда эса — раис ўринбосари бошқаради.
Ташкилий қўмита мажлиси аъзоларининг учдан икки қисми қатнашганда ваколатли ҳисобланади.
Ташкилий қўмита мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;
Ташкилий қўмита раиси билан мажлиснинг ўтказиладиган жойи ва вақтини келишади;
Ташкилий қўмита аъзоларини мажлиснинг ўтказилиш санаси, жойи ва кун тартибидан хабардор қилади;
Ташкилий қўмита мажлисларининг кун тартибидаги масалалар бўйича ўтказилишини ташкил этади;
Ташкилий қўмита мажлиси баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқлангандан сўнг Ташкилий қўмита аъзоларига ва манфаатдор ташкилотларга юборади.
22. Ташкилий қўмита қарори аъзоларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда Ташкилий қўмита раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
23. Ташкилий қўмитанинг иш тартиби у тасдиқлайдиган Регламент асосида белгиланади.
24. Қуйидагилар Танловнинг таъсисчилари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси;
“Ўзбекистон темир йўллари” давлат-акциядорлик компанияси;
“Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси.
25. Таъсисчилар Танловнинг барча босқичларини ташкиллаштириш ва ўтказиш жараёнида Ташкилий қўмита томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлашда бевосита ҳамкорлик қилади ва ўз вакилларининг Ташкилий қўмита аъзоси сифатида самарали ишлаши учун шарт-шароитлар яратади.
IV. Танловнинг республика босқичини ўтказиш
26. Танлов комиссияларининг ҳар бир номинация бўйича таркиблари Республика Ташкилий қўмитаси томонидан тасдиқланади.
27. Танловнинг Республика босқичи икки турда ўтказилади:
биринчи турда – Танлов комиссиялари тақдим этилган иштирокчиларнинг ҳужжатларини 15 иш куни мобайнида кўриб чиқади ҳамда ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган мезонлар асосида иккинчи тур иштирокчиларини аниқлайди.
иккинчи турда – иштирокчилар Танлов комиссиясига ўз йўналиши бўйича тақдимотларини намойиш этадилар, мазкур жараёнда уларга ўз илмий-ижодий салохияти ва қизиқишларини намоён этиш имконияти берилади (бунда Танлов комиссияси аъзолари томонидан иштирокчига қўшимча саволлар берилиши ва баъзи масалаларга аниқликлар киритилиши мумкин).
28. Иштирокчиларнинг Тақдимотини ўтказиш муддати 15-30 май мобайнида Ташкилий қўмита томонидан белгиланган кунда ҳар бир номинация бўйича алоҳида ўтказилади.
29. Танлов комиссиялари танлов ишлари тақдимотини баҳолашда Ташкилий қўмита томонидан ишлаб чиқилган, номинация бўйича мезонларга амал қилади. Танлов комиссиялари мажлислари баённомалари Ташкилий қўмита раиси томонидан тасдиқланади.
30. Зарур ҳолатларда, Ташкилий қўмита ҳужжатларни топшириш ва Танлов комиссиясининг иш босқичлари муддатини ўзгартириш ҳуқуқига эга.
31. Танловнинг республика босқичида ҳар бир номинациялар бўйича 1, 2 ва 3-ўрин совриндорлари бўлган иштирокчилар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тегишли даражадаги дипломлари билан тақдирланадилар ва 1-ўрин соҳибига олий таълимнинг магистратура босқичига имтиёзли равишда имтиҳонларсиз ўқишга кириш, 2-ўрин соҳиби бўлган иштирокчига Магистратурага кириш имтихонида тўплаган балининг 50% ва 3-ўрин соҳибига Магистратурага кириш имтихонида тўплаган балининг 35% миқдорида имтиёзли балл қўшиш тизими жорий этилади.
32. Танлов ғолибларини моддий рағбатлантириш миқдори Ташкилий қўмитанинг қарорига мувофиқ белгиланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи асосида олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
33. Тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар ўзларининг ҳисобидан танлов ғолибларини қўшимча равишда пул маблағлари билан моддий рағбатлантиришга ҳақлидир.
34. Ғолибларни мукофотлаш тадбири июнь ойининг иккинчи ўн кунлигида тантанали вазиятда ўтказилади.
35. Танловга тақдим этилган ҳужжатлар қайтарилмайди.
36. Мазкур низом талабларини бузган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.