Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 1 майдаги 377-сонли буйруғига асосан жорий йил апрель ойининг охирги ўн кунлиги ва май ойининг биринчи ярмида Фарғона давлат университети талабалари ўртасида “Одам савдоси – мудҳиш жиноятдир” мавзусида иншо ва рефератлар танлови ўтказилди.

Танловни ўтказиш бўйича ташкилий ишлар амалга оширилди. Жумладан, университет ректорининг 2018 йил 3 майдаги 357-сонли буйруғи ижрога чиқарилди. Танлов ҳакамлар Ҳайъати таркиби шакллантирилиб, факультет эълонлар доскасига танлов ўтказилиши, шартлари ва ютуқлари тўғрисида маълумот берилди.

Танловнинг Фарғона давлат университетининг 9 та факультетида ўтказилган биринчи босқичида 150 нафардан ортиқ талабалар иштирок этган бўлса, университет босқичида факультет босқичида ғолиб бўлган 24 нафар талабалар иншо ва рефератлари билан иштирок этдилар.

Якуний натижаларга кўра, “Одам савдоси – мудҳиш жиноятдир” мавзусидаги танловнинг иншолар йўналишида фахрли 1-ўринни Филология факультети 3-курс талабаси Мамадорипова Гулноза, 2-ўринни мос равишда Филология факультети талабалари Шодиева Гулзода ва Сирожиддин Мамадалиев эгаллади.

Танловнинг рефератлар йўналишида 1-ўринни Ижтимоий-иқтисодий факультети 1-курс талабаси Азизбек Болибоев, 2-ўринни Филология факультети 4-курс талабаси Дилором Муратова эгаллади

Ғолиб бўлган талабалар университет ректорининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланиб, уларнинг ота-оналарига ташаккурномалар юборилди.

Ғолиб бўлган талабалар танловнинг олий таълим муассасалариаро Республика босқичида иштирок этадилар.