Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича амалга ошириладиган амалий лойиҳалар танловини эълон қилади.
Танловнинг асосий мақсади – доривор ўсимликларни етиштиришнинг самарадор агротехнологияларини ишлаб чиқиш, уларнинг маданий плантацияларини яратиш, оналик кўчатзорларни ташкил этиш ва инновацион технологияларни жорий қилиш, доривор ўсимликларни in vitro кўчатчилигини ташкил қилиш ва кўпайтириш технологиясини яратиш, шунингдек тиббиётда қўлланиладиган доривор ўсимликлар коллекцияси генбанкини ташкил этишдан иборат.
Лойиҳалар 2020 йилнинг 29 майига қадар шанба ва якшанба кунларидан ташқари ҳар куни соат 10:00 дан 18:00 гача қабул қилинади.
Танлов мавзулари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 10 апрелдаги ПҚ-4670 қарорида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш талаблари доирасида шакллантирилган.
Танлов қуйидаги фан йўналишлари бўйича ташкил этилади:
а) “Биология фанлари” йўналиши бўйича:
- Доривор ўсимликларни in vitro кўчатчилигини ташкил қилиш ва кўпайтириш технологиясини яратиш.
Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилиши уч йилга мўлжалланган амалий лойиҳа учун умумий 3,0 млрд. сўм маблағ ажратилади.
б) “Ўрмон хўжалиги фанлари” йўналиши бўйича:
- Ўрмон фонди ерларида доривор валериана (Valeriana officinalis L.), бўёқдор рўён (Rubia tinctorum L.), силлиқ ширинмия (Gylcyrrhiza glabra) ва доривор занжабил (Zingiber officinale)ни етиштириш технологиясини яратиш ва плантацияларини ташкил этиш.
Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилиши уч йилга мўлжалланган амалий лойиҳа учун умумий 1,5 млрд. сўм маблағ ажратилади.
- Зверобой – Hypericum вa қизилмия (солодка) Glycrrhiza доривор ўсимликларининг илдиз чириш, ун шудринг ва фузариоз касалликларига қарши биологик кураш агротехнологиясини ишлаб чиқиш.
Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилиши уч йилга мўлжалланган амалий лойиҳа учун умумий 1,8 млрд. сўм маблағ ажратилади.
в) “Фармакология ва фармацевтика фанлари” йўналиши бўйича:
- Фарғона водийси шароитида Қушқўнмас (Silybum Marianum) ўсимлигини етиштириш ва дориворлик мезонларини аниқлаш асосида янги препаратлар яратиш.
Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилиши уч йилга мўлжалланган амалий лойиҳа учун умумий 1,5 млрд. сўм маблағ ажратилади.
- Маҳаллий доривор ўсимликлар асосида юрак қон-томир ва қандли диабет хасталиклари профилактикаси учун шифобахш табиий ичимликларни тайёрлаш технологиясини яратиш.
Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилиши уч йилга мўлжалланган амалий лойиҳа учун умумий 2,4 млрд. сўм маблағ ажратилади.
- Табиий доривор ўсимликлардан “кластер” усулида нанозаррачали дори препаратларини яратиш.
Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилиши уч йилга мўлжалланган амалий лойиҳа учун умумий 3,0 млрд. сўм маблағ ажратилади.
Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги 133-сон “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилади.
Лойиҳалар www.fan-portal.uz веб-саҳифаси орқали электрон рўйхатдан ўтказилиши шарт.
Коронавирус пандемияси сабабли республикамизда эълон қилинган карантин шароитида лойиҳалар www.fan-portal.uz веб-саҳифаси орқали жорий йилнинг 29 майига қадар фақат электрон шаклда қабул қилинади.
Бунда ижрочи ташкилотнинг йўлланма хати, илмий (илмий-техник) кенгаш қароридан кўчирма ва лойиҳанинг (имзо ва муҳр қўйилган ҳолда) асл нусхаси сканердан ўтказилиб, pdf шаклида www.fan-portal.uz веб-саҳифасига юкланиши лозим.