Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси ташаббуси билан  жорий йилнинг 22-23 сентябрь кунлари Тошкент шаҳридаги Сайилгоҳ кўчасида илк бор “Ўзбекистон ёдгорликлари” кўргазма-савдо ташкил қилинади. Президентимизнинг "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадига қаратилган ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъатини намойиш этиш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда сотишларига кўмаклашишдан иборат.

Бундай кенг кўламли тадбирнинг ғояси қандай туғилди?

       Божхона қўмитасининг маълумотларига кўра республика худудида ҳар йили  маҳаллий ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилиши мумкин бўлган 500дан ортиқ ҳорижий буюмлар импорт қилинади.

     Маълумки, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар, меҳмонлар ҳар бир зиёрат қилган жойларидан эсдалик, ёдгорлик совғаларини харид қиладилар. Бугунги кунда бундай жойларда сотилаётган ёдгорликларнинг аксар қисми ҳориждан келтирилган бўлиб, диёримиз тўғрисида ҳеч қандай таассурот ёинки хотира маъносини англатмайди. Маҳаллий ҳунармандларимиз қўли билан ясалган, Ватан ифорини таратиб, юртимиз гўзаллигини, бетакрорлиги мўъжазгина ёдгорлик совғасида акс эттирадиган ёдгорликни тухфа этиш - бир томондан туризмни ривожлантиришга омил бўлса, иккинчи томондан маҳаллий тадбиркорларимизни янада қўллаб қувватлашга хисса қўшиши аниқ.

      Ёдгорликларни  юртимизда уста-ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш ва оммалаштириш натижасида аввалмбор эсдалик совғаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда  “Уста-шогирд” мактабларини  ривожлантириш ва янги иш жойларини яратиш имконини беради. Шу билан биргаликда “Ўзбеккистон ёдгорликлари” кўргазма–савдоси  ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ишлаб чиқарган ёдгорлик турларини кенгайтириш ва уларнинг оммабоплигини  аниқлаш, сифат ва дизайни устида  иш олиб бориш, чет эллик меҳмонларнинг  маҳсулотларга бўлган талаб ва эҳтиёжларини ўрганишдан иборат. 
       Мазкур тадбир айниқса ёшлар ўртасида маданий меросимизнинг аҳамияти ва уни сақлаб қолиш хусусида  тушунтириш ишларини олиб бориш, миллий ва халқаро даражадаги ёдгорликларни тарғиб қилиш, фикр ва тажриба алмашиш учун замин бўлади. 
Таъкидлаш керакки, кўргазма-савдода ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоси ташкил қилинади. Шунингдек, уста ҳунармандлар томонидан маҳорат дарслари ўтказилади ва намойиш этилади. Истак билдирган меҳмонлар ўз қўллари билан лойдан кўза яасб кўришлари, ипакдан мато тўқишлари, дўппига нақш бериб кўришлари, бешик ясашда иштирок этишлари мумкин бўлади.

Меҳмонлар билан биргаликда, ҳорижлик сайёҳларга миллий спорт мусобақалари (кураш), дорбозлар ўйинлари, қўғирчоқ театрлари намойиш қилинади. Тадбирда республиканинг турли вилоятларидан энг машҳур ошпазлар таклиф қилинади. Ҳар бир вилоят ва ҳудудларнинг ўзига хос фолклор чиқишлари  тадбирга миллийлик  руҳини бағишлайди.

Тадбир давомида юртимизнинг таниқли ва ёш истеъдодли санъаткорлар ижросидаги гала концерт, фолклор ансамбли намоёндаларининг жойлардаги чиқишлари, халқ эртаклари қаҳрамонларининг  кўринишлари  намойиш этилади.

Уюшма ахборот хизмати.