Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг буйруғи билан Миллий гвардия Ҳарбий-техник институтида ҳарбий-профессионал танлаш тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтида ҳарбий-профессионал танлаш тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Миллий гвардия Ҳарбий-техник институтига номзодларни ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан тасдиқланган Бутлаш режасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг Институтга қабул ўринларини ажратиш тўғрисидаги буйруғига асосан ташкил этилади.

 

Ҳарбий-профессионал танлашда қуйидаги тадбирлар ташкил этилади ва ўтказилади:

ҳужжатларни ўрганиш;
психофизиологик ўрганиш;
тиббий кўрикдан ўтказиш;
ёзма иш (диктант);
компьютер техникасини ва ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаб олганлик даражасини текшириш;
якка тартибдаги якуний суҳбат.

Қабул комиссияси қабул йилининг 1 февраль кунидан 31 август кунига қадар фаолият юритади.

Ҳарбий-профессионал танлаш тадбирлари қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланадиган режа-жадвал асосида 1 июндан 25 июнга қадар Институт да ўтказилади.

Ҳарбий профессионал-танлаш тадбирларини ўтказиш давомида номзодлар турар жой ва озиқ-овқат билан таъминланмайди.

Номзодларнинг ҳужжатларини ўрганиш қабул комиссиясининг тегишли аъзолари томонидан амалга оширилади. Бунда ҳар бир номзоднинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилди рўйхатга олинади ҳамда белгиланган талабларга мувофиқлиги текширилади.

Психофизиологик ўрганиш автоматлаштирилган психофизиологик комплекслар ёрдамида амалга оширилади. Психофизиологик ўрганиш номзоднинг ҳиссий (соматик), психоэмоционал ҳолати яхши бўлгандагина ўтказилиши лозим. 

Номзодларни тиббий кўрикдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг буйруғи билан тасдиқланадиган, тиббиёт мутахассисларидан махсус шакллантириладиган ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан ўтказилади. Тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича соғлиғининг ҳолатига кўра номзоднинг Институтда ўқишга яроқлилиги даражаси тўғрисида хулоса чиқарилади. Соғлиғининг ҳолатига кўра Институтда ўқишга яроқсиз деб ҳисобланган номзодлар ҳарбий-профессионал танлашнинг кейинги тадбирларига қўйилмайди.

Ёзма иш диктант ёзиш йўли билан номзоднинг орфографик ва пунктуацион саводхонлигини баҳолаш мақсадида амалга оширилади. Диктантнинг мавзулари ва матнлари қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланади.

Номзоднинг компьютер техникасини ва ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаб олганлик даражасини аниқлашдан олдин уларга текшириш ўтказиш тартиби тушунтирилади ҳамда тегишли йўл-йўриқлар берилади.

Тест саволлари 1 июнь кунига қадар қабул комиссияси томонидан умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими фан дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилади.

Якка тартибдаги якуний суҳбат номзоднинг Институтга ўқишга кириши сабабини, етакчилик фазилатларини, ақлий қобилиятлари ва бошқа муҳим профессионал фазилатларини аниқлаш мақсадида ягона методика бўйича психофизиологик ўрганиш, диктант натижалари, компьютер техникаси ва ахборот- коммуникация технологияларини эгаллаб олганлик даражасини текшириш натижалари асосида ўтказилади. Якка тартибдаги якуний суҳбат қабул комиссияси томонидан қабул йилининг 25 июнига кадар коллегиал принцип бўйича ўтказилади.

Номзодларнинг ҳарбий-профессионал танлашнинг барча тадбирлари натижалари бўйича тўплаган баллари умумлаштирилиб, уларнинг ўртача арифметик баҳоси аниқланади.

Ўртача арифметик баҳоси “3” ва ундан юқори бўлган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларини топширишга қўйилади.

 

манба