Юртимиз ҳунармандлари ишлаб чиқараётган буюмлар ва товарлар (ишлар, хизматлар) йўналишлар 25 тадан 34 тага етди. Бу маҳсулотлар Ўзбекистоннинг ташриф қоғозига ва туризмнинг брендига айланмоқда.

Ваҳоланки, юртимизга ташриф буюраётган чет эллик сайёҳлар ҳунармандларимиз оддий қўл меҳнати ила яратаётган мўъжизалар қаршисида лол қолаётгани барчамизни қувонтиради. 

 

Шундай экан, туризмни ривожлантириш, мамлакатимизга келаётган чет эллик сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш, атлас, адрас, зардўзлик ва каштачилик сингари миллий маҳсулотларимизни янада кенг тарғиб қилиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, анъанавий ўтказиб келинаётган “Атлас байрами” фестивали улардан бири.

Марғилоннинг адрасу атласлари бутун дунёда машҳур. Уларнинг ўзига хослиги шундаки, безак ва гуллар матога эмас, балки ўриш ипининг ўзига чизилади. Эътиборлиси, барча ранг табиий усулда, бўёқ берувчи гиёҳлардан тайёрланади. Шу боис улар йиллар ўтса-да, ўз сифатини йўқотмайди, ранглар қоришиб кетмайди.

“Ҳунарманд” уюшмасининг матбуот хизматидан маълум қилишларича, жорий йилнинг 11-15 сентябрь кунлари ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ана шу фестивал тўртинчи марта ўтказилади.

Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудидан иштирок этадиган ҳунармандлар ўз маҳоратини намойиш этади. Ёш ҳунармандлар учун таниқли усталар иштирокида анъанавий каштадўзлик, табиий бўяш, либослар дизайни бўйича маҳорат сабоқлари ташкил этилади. 

ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросини муҳофаза қилишдаги илғор тажрибалар рўйхатига киритилган ҳунармандчиликни ривожлантириш марказининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади. Шунингдек,“Буюк ипак йўлидаги Шарқ ва Ғарб маданиятлари алмашинуви: “Ханчжоу-Марғилон-Валенсия” мавзусидаги халқаро илмий анжуман, «Ҳунармандлар шаҳарчаси» номли амалий санъат буюмлари ярмаркаси, Ўзбекистон модельерлари шоу-дефилеси, концертлар, кураш мусобақаси, дорбозлар томошаси ҳамда «Девзира» ош танлови ҳам ўтказилади.

 

Манба