“Энг яхши услубий қўлланма” республика сиртқи кўрик-танлови
Конкурсы Август 19th, 2010 |Узликсиз таълим тизимининг бир буғини бўлган сайёҳлик ва ўлкашунослик йўналишидаги мактабдан ташқари таълимнинг Давлат таълим талаблари асосида замонавий педагогик технологиялар ва мазкур йўналиш ютуқларини кенг қамраб олган, миллий ғояни ёшлар онгига сингдиришга ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қиладиган сифатли янги авлод ўқув адабиётларини яратишда фаол иштирок этаётган муаллиф ёки муаллифлар жамоасини аниқлаш ва уларни рағбатлантиришдан иборат.
ТАНЛОВНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ
Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги ҳамда “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги Қонунларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, сайёҳлик ва ўлкашунослик йўналишидаги мактабдан ташқари таълим муассасаларини янги ўқув-услубий мажмуалар, замонавий дарсликлар, ўқув қўлланмалар билан тўлиқ таъминланишига кўмаклашиш;
мазкур йўналишдаги таълим жараёнига илмий тадқиқотлар натижаларининг энг сўнгги ютуқларини ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга замонавий педагогик тажрибаларни тадбиқ этиш;
сайёҳлик ва ўлкашунослик йўналишидаги таълим муассасалари педагог кадрларининг илмий-услубий фаолиятидаги фаоллигини моддий ва маънавий тақдирлаш;
янги авлод ўқув адабиётларини яратиш тизимида рақобат муҳитини яратиш.
ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ВА МУДДАТИ
Танлов уч босқичда ўтказилади:
1 → босқич: туман (шаҳар)ларда – 2 октябрдан 20 октябргача;
2 → босқич: Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда 1-20 ноябргача;
3 → босқич: Республикада декабр ойида ўтказилади.
Республика босқичига тақдим этиладиган ҳужжатлар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоят ёш саёҳатчилар ва ўлкашунослар марказлари томонидан йилнинг 25 ноябр кунига қадар РЁСЎМнинг Ташкилий ва оммавий ишлар бўлимига топширилиши лозим.
Танлов бўйича ҳакамлар ҳайъати (кейинги ўринларда “ҳайъат”) таркиби босқичига кўра туман (шаҳар), вилоят ва Республика ташкилоти раҳбарининг буйруғига биноан шакллантирилади. Танлов ҳайъати таркибида сайёҳлик ва ўлкашунослик йўналишидаги етарли билим, кўникма ва малкалага эга бўлган ҳамда туман (шаҳар), вилоят ва Республика ташкилотининг тажрибали услубчилари, бўлим бошлиқлари, интрукторларидан иборат бўлиши лозим. Ҳайъат таркиби оммавийлаштирилмайди.
Муайян босқич ўтказилгандан сўнг тақдим этилган ҳамда аввалги танловларда қатнашган адабиётлар қабул қилинмайди.
Танловда сўнгги уч йилда нашр этилган, таълим жараёнида камида бир йил синовдан ўтган адабиётлар қабул қилинади.
Танловга тақдим этилган адабиётлар ва ҳужжатлар совринли ўрин олиши ёки олмаслигидан қатъий назар муаллифларга қайтарилмайди ва уларга тақриз берилмайди.
Танловга тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш шахсий (аноним) экспертиза ўтказиш орқали амалга оширилади.
Баҳолаш жараёнида 90 фоиздан ошиқ балл тўплаган ўқув адабиёти муаллифи ёки муаллифлар жамоасига 1-ўрин, мос равишда 80 фоиздан юқори балл тўплаган муаллиф ёки муаллифлар жамоасига 2-ўрин, 70 фоиздан юқори балл тўплаган муаллиф ёки муаллифлар жамоасига 3-ўрин берилади, натижалари баҳолаш варақаси ҳамда баённомалар орқали расмийлаштирилади.
Ҳайъат натижаларни атрофлича ўрганиб чиқиб, танлов бўйича тавсия этилган ўринларга оид тегишли қарорлар қабул қилади. Қабул қилинган натижавий хулосалар асосида танлов ғолиблари аниқланади.
Битта қўлланма тақдим этилганда ҳам ўринлар 70 балдан юқори натижага эришилган тақдирда белгиланади. Агар барча натижалар 70 балдан кам бўлса “Энг яхши услубий қўлланма” сиртқи кўрик-танловида ўринлар белгиланмайди.
ТАНЛОВ ИШТИРОКЧИЛАРИ
Танловда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туман (шаҳар) халқ таълими бошқарма ва бўлимлари тасарруфидаги ёш саёҳатчилар ва ўлкашунослар марказларининг тўгарак раҳбарлари, услубчилари, бўлим бошлиқлари, раҳбарлари, шунингдек Республикамизда сайёҳлик ва ўлкашунослик йўналишида фаолият кўрсатаётган барча таълим муассасалари педагоглари, якка тартибдаги муаллифлар ёки муаллифлар жамоаси (шу жумладан, ижодий гуруҳлар) ўзлари томонидан яратилган ўқув адабиётлари билан иштирок этишлари мумкин.
ТАНЛОВГА ТАҚДИМ ЭТИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР
Танловга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
- танловда қатнашувчи муаллиф(лар)нинг фамилияси, исми, шарифи, илмий даражаси ва унвони, иш жойи, лавозими, услубий қўлланма номи ҳамда муассаса ёки ташкилотлар томонидан бериладиган йўлланма хат;
- муаллиф(лар) паспортидан нусха;
- тақдим этилаётган адабиёт (2 нусхада) ва мазкур адабиёт бўйича узвий боғланган намунавий ҳамда ишчи ўқув дастурлари;
- Мувофиқлаштирувчи Кенгаш (ёки ваколатли кенгашларнинг грифига эгалиги) томонидан адабиётга берилган гувоҳнома, туман (шаҳар) таълим марказининг қароридан кўчирма;
- адабиётга берилган тақризлар (1-2та);
- танловга топшириладиган жилдли ҳужжатларнинг рўйхати (реестри).
Барча ҳужжатлар РЁСЎМнинг Ташкилий бўлимига топширилади.
