“Энг яхши тўгарак раҳбари” сиртқи кўрик-танлови
Конкурсы Август 23rd, 2010 |“Энг яхши тўгарак раҳбари” сиртқи кўрик-танлови сайёҳлик ва ўлкашунослик йўналишидаги мактабдан ташқари таълим муассасаларида, умумтаълим мактаблари қошида фаолият олиб бораётган тўгарак раҳбарлари фаолиятини баҳолаш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини таркиб топдириш, уларнинг илмий ва ижодий кўникмаларини шакллантириш ва жорий этиш, мазкур йўналишдаги илғор тажрибага эга, ўз фикри, ғояси ва ташаббуси билан фаоллик кўрсатган педагог кадрларни қўллаб қувватлаш ҳамда уларнинг меҳнат фаолиятида эришган ютуқларини, тажрибаларни оммалаштириш ва рағбатлантиришдан иборат.Танловда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоят, туман, шаҳар ЁСЎМларининг сайёҳлик ва ўлкашунослик йўналишида фаолият кўрсатган илғор тўгарак раҳбарлари қатнашишлари мумкин.
Тўгарак раҳбари маълумотидан, иш ҳолати (асосий ёки ўриндош бўлишидан) қатъий назар, камида 3 йиллик педагогик меҳнат стажига эга бўлиши лозим.
Тўгарак раҳбари ўзининг ҳурмати, намунали ҳулқи, ўз касбининг билимдони, ташаббускорлиги ва жамоатчилиги билан муассасада ҳурмат қозонган ҳамда мамлакатимиздаги таълимга оид ислоҳотлардан ҳабардор фидойи педагог бўлиши керак.
Танловда сайёҳлик ва ўлкашунослик йўналишидаги мактабдан ташқари таълимнинг ташкилий ва ҳуқуқий асосларини қамраб олган ҳамда ушбу йўналишдаги таълим самарадорлигини оширишга қаратилган илмий мақолалари (конференция ва семинар тўпламларида, газета ва журналларда) эълон қилинган, таълимга илғор педагогик технологияларни жорий этишда ташаббус ва намуна кўрсатган, таълим самарадорлигини оширишнинг назарий ва амалий жиҳатларини амалда қўллай оладиган, шунингдек, ўзининг ғоя ва фикрлари билан йиғилиш, конференция ва семинарларда маъруза билан иштирок этган, иш фаолияти оммалаштирилган, тажрибали тўгарак раҳбари иштирок этиши мумкин.
Босқичи (туман, вилоят, Республика)дан қатъий назар бир марта иштирок этган тўгарак раҳбари учинчи йилдан кейин (тўртинчи йилда) қатнашиши мумкин.
Низом талаблари асосида тайёрланмаган ҳужжатлар ҳакамлар томонидан ўрганилмайди ва эгасига қайтарилмайди. Тақдим этилган ишларнинг ғояси, илмий салоҳияти ва унда келтирилган маълумотларга муаллиф (тўгарак раҳбари) жавобгар ҳисобланади.
Ўринлар 70 балдан юқори натижага эришилган тақдирда белгиланади. Агар барча натижалар 70 балдан кам бўлса “Энг яхши тўгарак раҳбари” сиртқи кўрик-танловида ўринлар белгиланмайди.
Танлов уч босқичда ўтказилади:
1 → босқич: туман (шаҳар)ларда – 2 октябрдан 20 октябргача;
2 → босқич: Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда 1-20 ноябргача;
3 → босқич: Республикада декабр ойида ўтказилади.
Кўрик-танловнинг Республика босқичи ҳар йили декабр ойининг биринчи ярмида Республика Ёш саёҳатчилар ва ўлкашунослар маркази (Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани Усмон Носир кўчаси 109 уй)да ўтказилади.
Тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжат ва маълумотлар
1. Кўрик-танловнинг туман (шаҳар) ва вилоят босқичи ҳакамлар ҳайъати йиғилишининг баённомасидан кўчирма.
2. Тўгарак раҳбари тўғрисида маълумотнома (объективка).
3. Тўгарак раҳбарининг тавсифномаси (асосий ёки ўриндошлик асосидаги иш жойи ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинидан).
4. Меҳнат дафтарчасидан кўчирма.
5. Тўгарак раҳбарининг ўқув режаси.
6. Машғулот ишланмалари.
7. Сайёҳлик ва ўлкашунослик йўналишидаги мактабдан ташқари таълимнинг ташкилий ва ҳуқуқий асосларини қамраб олган ҳамда ушбу йўналишдаги таълим самарадорлигини оширишга қаратилган илмий мақолалари (конференция ва семинар тўпламларида, газета ва журналларда)дан намуналар.
8. Тўгарак раҳбари томонидан яратилган ўқув адабиёт (дастур, дарслик, ўқув қўлланма, тавсиянома, кўрсатма)ларидан намуналар (туман, вилоят таълим макази тасдиғидан ўтказилган бўлиши лозим).
9. Тўгарак аъзолари иштирокида ўтказилган оммавий тадбир (кўрик-танлов, мусобақа, давра суҳбати, кеча ва учрашув)лар тўғрисида маълумот ва фотоальбомлар.
10. Тўгарак аъзоларининг туман, вилоят ва Республика миқёсида ўтказилган оммавий тадбирларидаги иштироки тўғрисида маълумотлар (фотоальбом, видеолавҳа ва б.).
11. Машғулотлар давомида қўлланилган янги, илғор ва инновацион педагогик технологиялар ва уларнинг моҳиятини англатувчи кўргазмали ва илмий маълумотлар.
12. Тўгарак фаолиятини ОАВларида ёритилганлиги тўғрисида маълумот.
13. Тўгарак аъзоларининг билим самардорлиги тўғрисида маълумот (ўқувчиларнинг қанча фоизи беш, тўрт ва уч баҳоларга ўқийди).
14. Тўгарак аъзолари томонидан яратилган ишлар (альбом, харита, макет ва б.).
15. Сайёҳлик ва ўлкашунослик йўналишидаги мактабдан ташқари таълим муассасаларининг моддий-техник таъминоти ҳамда ушбу йўналишдаги таълим самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф ва ғоялари.
