“Келажак овози” иқтидорли ёшлар республика танлови
Конкурсы Август 18th, 2010 |“Келажак овози” республика иқтидорли ёшлар танлови Фонд Форум томонидан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилади. Биринчи марта 2005 йилда ташкил этилган танлов тез вақтда ёшлар орасида оммалашиб улгурди. Танлов асосида минглаб фаол йигит-қизлар ўз лойиҳа ва орзуларини ҳаётга татбиқ этиш имконига бўлган мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида ўз бўлимлари билан ҳудди шу номдаги Ёшлар ташаббуслари маркази ташкил этилди.
ИШТИРОКЧИЛАР ВА НОМИНАЦИЯЛАР
Танловда 15 ёшдан 25 ёшгача ёшлар қуйидаги йўналишлар бўйича иштрок этишади:
Архитектура ва дизайн (меъморчилик, либос дизайни, интерьер ва ландшафт дизайни)
Ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлар ва техник ишланмалар (веб-ишланмалар, дастурий таъминот, техник ишланмалар, рационализаторлик таклифлар, менежментни яхшилаш таклифлари, администрациялаш ва ишлаб чиқариш жараёнини тизимлаш)
Анъанавий ва амалий санъат (тасвирий санъат, амалий санъат, фольклор, рақс)
Адабиёт ва публицистика (наср, назм, публицистика)
ТАНЛОВ БОСҚИЧЛАРИ:
Танлов уч босқичда бўлиб ўтади:
Биринчи босқич: аризалар қабул қилиш
Аризалар бутун респблика бўйлаб бир неча ой мобайнида қабул қилинади. Ҳар йили танловда иштирок этишни истовчилар сони ўсиб бормоқда. Агар танлов илк бор ўтказилган 2005 йилда саралаш босқичларида 3 минг нафар атрофида ёш иқтидор эгалари иштирок этган бўлса, 2006 йилда иштирокчилар сони 10 мингга етди, 2007 йилда 30 минг, 2008 йилда эса 54 мингдан ортди. 2009 йилда лойиҳада 63 мингдан ортиқ йигит-қизлар иштирок этди.
Иккинчи босқич: ҳудудий саралаш босқичлари
Одатдагидек, танловнинг саралаш босқичлари мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятида май ойида бўлиб ўтади. Таниқли фан, маданият ва санъат намояндаларидан иборат танлов ҳакамлари энг иқтидорли ва фаол йигит-қизларни аниқлаш жараёнида иштирок этиш учун ҳудудларга чиқишади.
Учинчи босқич: Тошкентда республика финал босқичи
Ҳудудий саралаш босқичларининг энг ёрқин иштирокчилари декабр ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган республика финал босқичига йўлланма олишади. 2009 йилда 600 га яқин йигит-қизлар финалда “Келажак овози” танлови ғолиби номи учун ўзаро беллашишди. Ўн кун давомида финал босқичи иштирокчилари Жамоатчилик Кенгаши ва танлов ҳакамлар ҳайъати олдида ўз лойиҳалари ва ижодий ишларини тақдим этишди, шунингдек, маданий дастурлар, маҳорат машғулотлари ва маданият ва санъат намояндалари билан учрашувда ўз дунёқарашларини бойитишди.
Республика финал босқичи якунида танлов ғолиблари Якуний конференцияда қатнашишади, ўз лойиҳалари, рационализаторлик таклифлари, илмий ишлари, ихтиро ёки ижодий асарларини тақдим этишади, ўз ишларини ўзига хос тарзда ҳимоя қилишади, иқтидор ва маҳоратларини экспертлар, жамоатчилик арбоблари ва тенгдошлари олдида намойиш этишади.
Батафсил маълумот: molodej.uz
