Республика таълим муассасалари ижрочи яккахон ўқитувчиларнинг «Талантларни излаймиз» кўрик–танлови Республикамизда фаолият кўрсатаётган талантли устоз–ўқитувчилар ўртасида бўлиб ўтади. Танловни ўтказишдан мақсад, Республикамиз таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларнинг ижодкорлик қобилиятларини ошириш, маънавий дунёсини бойитиш. Маънавият ва санъатга бўлган қизиқишларини шакллантириш, миллий қўшиқчилигимизга бўлган эътиборни кучайтириш, мактабларда ўзбек мусиқа санъатини ўқитилишини яхшилаш ва ноёб истеъдод эгаларини излаб топиш ва уларни тарғиб қилишдан иборат.

II. Танловни ўтказиш босқичлари

Биринчи босқич: Туман (шаҳар)лардаги таълим муассасалари ўқитувчилари ўртасида бўлиб ўтади. Иштирок этган яккахон ижрочи ўқитувчилар орасида ғолиб аниқланиб, вилоят босқичига йўлланма олади.

Иккинчи босқич: Вилоят миқёсида бўлиб ўтади. Унда туман (шаҳар) таълим муассасаларидан келган яккахон ижрочиларнинг ғолиблари иштирок этадилар. Низомда белгиланган шартлар асосида, нуфузли ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра ғолиб деб топилган яккахон ижрочига Республика танловига йўлланма берилади.

Учинчи босқич: Республикамиз пойтахти Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Унда ҳар бир вилоятдан ғолиб чиққан иштирокчи қатнашади.

III. Танлов ўтказиш муддатлари

Биринчи босқич: туман (шаҳар) таълим муассасалари яккахон ижрочи ўқитувчилари  ўртасида 2010 йилнинг 1-16 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.

Иккинчи босқич: вилоят миқёсида 2010 йилнинг 16-30 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.

Учинчи босқич: Республика миқёсида 2010 йилнинг 22 декабр куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

VI. Танлов шартлари

1. Кўрик–танловнинг барча босқичларида қатнашадиган яккахон ижрочилар дастури қуйидаги жанрлар асосида тузилган бўлиши шарт.

  1. Халқ қўшиғи    – 1 та
  2. Классик қўшиқ   – 1 та
  3. Ялла (рақси билан)   – 1 та

Шартларни бажариш учун жами 15 дақиқа вақт берилади. Ушбу шартлардан ташқари тайёрлаб келинган ижролар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланмайди.

2. Конкурсда битта яккахон ижрочи ўқитувчи, еттита созандалар жамоаси, битта раққоса иштирок этади. Учта шарт бўйича битта ижрочининг маҳорати синаб кўрилади. Танловда фақат ўзбек миллий куй–қўшиқлар жонли ижро асосида куйланади. Фонограммадан фойдаланиш қатъиян ман этилади.

3. Созандалар жамоаси қуйидаги тартибда тузилади. Ўзбек миллий асбобларидан доира, най, қўшнай, ғижжак, чанг, дутор ва рубоб жўрлигидаги созандалар якка ижрочига жўр бўлади. Созандалар жамоаси ҳам таълим муассасалари ўқитувчиларидан бўлишига танлов давомида эътибор берилади.

4. Республика босқичига ҳар бир вилоятдан 10 киши келади. Булар: Яккахон ижрочи ўқитувчи–1 киши, созандалар жамоаси–7 киши, раққоса–1 киши ва кузатувчи раҳбар–1 киши.

5. Барча вилоятларда бўладиган кўрик–танловда Республика ўқувчи–ёшлар Марказининг ходими кузатувчи сифатида қатнашади ва вилоятдан ғолиб чиққан яккахон ижрочи ва жамоасини ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра махсус баённома асосида Республика босқичига қатнашиши учун тавсиянома беради.

V. Дастурни баҳолаш мезонлари

Ҳакамлар ҳайъати яккахон ижро ўқитувчининг чиқишини баҳолашда қуйидаги талаблардан келиб чиқадилар.

  1. қўшиқлар мазмунига, бадиий савиясига, таъсирчанлигига.
  2. Ижро маҳоратига, мусиқанинг миллийлигига.
  3. Созандаларнинг маҳоратига ва жўрлигига.
  4. Раққосанинг маҳоратига, саҳна кийимига.
  5. Саҳнада ўзини тутиш санъатига.

Барча берилган шартлар 10 баллик системада баҳоланади. Энг юқори балл тўплаган иштирокчи ғолиб деб топилади.

Кўрик–танлов ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Республика ўқувчи–ёшлар Маркази томонидан таъсис этилган мукофотлар билан тақдирланадилар. Шунингдек танлов Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади. Танловнинг ахборот хомийлари Ўзбекистон телевидениясининг «Маърифат» студияси, «Ёшлар овози» кўрсатуви, «Маърифат» рўзномаси ҳамда Ўзбекистон радиосининг «Ёшлар» радиоканали. Танловнинг Республика босқичи иштирокчилари ахборот хомийлари томонидан кенг тарғиб қилинади. Олий ўринни эгаллаган яккахон иштирокчи Республика миқёсида кенг нишонланадиган «Устозлар ва мураббийлар» кунига бағишланган катта байрам концерт дастурида катнашиш имкониятига эга бўлади.